

Ўзбекистонда илк бор саноат усулида зайтун етиштириш бўйича амалий қадам қўйилди. Миллий Марказ тизимидаги академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти томонидан Грузиянинг "Глобал Оливе Корпоратион" компанияси билан имзоланган келишув доирасида мамлакатга 4 200 туп “Гемлик” нави зайтун кўчатлари олиб келинди ва улар илмий муассасанинг Бандихон илмий-тажриба стансиясида экилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ёндашувларни кенгайтириш, халқаро тажрибани ўрганиш ва зайтун етиштиришни йўлга қўйишга қаратилган. Ҳамкорлик доирасида мутахассислар алмашинуви, зайтун плантацияларини самарали парваришлаш бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва маҳсулдорликни оширишга оид тажрибаларни ўртоқлашиш режалаштирилган.
Зайтун етиштириш нафақат озиқ-овқат саноати учун муҳим, балки экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади. Келгусида Ўзбекистонда зайтун майдонларини кенгайтириш ва маҳсулотни қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда.
