Замонавий агротехнологияларга бағишланган амалий семинар

Жорий йилнинг 21-октабр куни Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларга бағишланган амалий семинар старт олди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таклифига биноан, Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ИКАК)нинг техник директори, доктор Кешав Кранти иштирокида ташкил этилди.
Семинарда пахтачилик, тупроқшунослик, микробиология соҳаларида фаолият юритаётган олимлар, илмий-тадқиқот институтлари ва агросервис марказлари мутахассислари, шунингдек, амалий агрономлар иштирок этдилар.
Куннинг биринчи ярмида доктор Кешав Кранти “Биочар”, “Бокаши” ва “Живамрит” технологияларини самарали қўллаш, уларнинг агроекотизим барқарорлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳамда ушбу усулларни қишлоқ хўжалиги амалиётига кенг жорий этиш бўйича маъруза қилди.
Куннинг иккинчи қисмида эса мазкур технологияларнинг амалий қўлланилиши — “Биочар”, “Бокаши” ва “Живамрит”ни компостлаш, яъни тайёрлаш жараёнлари иштирокчиларга намойиш этилди. Мутахассислар органик моддаларнинг қайта ишланиши, тупроқнинг биологик фаоллигини ошириш ва карбон айланиши барқарорлигини таъминлаш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Семинар бугун, 22-октабр, ва эртага, 23-октабр кунлари ҳам давом этади. Дастурда тупроқ унумдорлигини баҳолаш, унинг пҲ муҳитини аниқлаш асосида компостларни самарали қўллаш, тупроқдаги карбонат ангидридни сақлаш ҳамда қайта тикланувчи қишлоқ хўжалиги тизимига интеграция қилишга оид тақдимотлар ва амалий кўргазмалар ташкил этилиши режалаштирилган.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе