Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказиб келинаётган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари доирасида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида таҳсил олаётган докторантлар, илмий изланувчилар ҳамда фаолият юритаётган ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси М. Бўронов иштирок этиб, ёшларнинг илмий изланишлари, амалий тажрибалари, таклиф ва ташаббуслари билан яқиндан танишди. Мулоқот давомида ёш тадқиқотчиларнинг докторлик ва диссертация ишлари, тажриба-синов жараёнлари, янги навларни яратиш ҳамда сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик йўналишида инновацион ёндашувларни жорий этиш борасидаги фаолияти муҳокама қилинди.
Шунингдек, ёшларнинг соҳавий билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш, уларни халқаро тажрибалар билан таништириш, замонавий илмий адабиётлардан фойдаланиш ҳамда амалиётга йўналтирилган тадқиқотларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот давомида докторантлар ва амалиётчи талабалар томонидан ёш олимларнинг илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, тажриба майдонларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, илмий лойиҳаларни молиялаштириш ва грантларда иштирок этиш, хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Якунда ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, илмий изланишларда инновацион ёндашувлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг қўллаш, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда илмий фаолиятни амалиёт билан уйғунлаштириш бўйича тавсиялар берилди. Таъкидланганидек, ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш вазирлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.





