Ёш олимларга натижага эришиш учун тўғри йўл кўрсатилди

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида “Докторантлар куни” доирасида навбатдаги семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбирни Миллий марказ директори ўринбосари Соҳибжон Исломов кириш сўзи билан очиб, тадбирдан кўзланган мақсад — докторантларнинг илмий изланиш натижаларини намойиш этиш, тажриба алмашиш ва ёш тадқиқотчилар ўртасида ўзаро мулоқотни йўлга қўйишдан иборатлигини таъкидлади.
Семинарда илмий-тадқиқот муассасаларида таҳсил олаётган докторантлар иштирок этиб, ўз илмий ишлари, олиб бораётган изланишлари ва келгусидаги режаларига оид атрофлича маълумот беришди.
Дастлаб Шоличилик илмий-тадқиқот институти докторанти Машхура Туропова “Ҳосилдорлиги юқори бўлган эртапишар узун гуручли бошланғич манбаларни танлаш ва селексияда қўллаш” мавзусидаги илмий тадқиқоти натижаларини тақдим этди. Унинг таъкидлашича, шолининг узун гуручли ва эртапишар навларига талаб ортиб бораётган бугунги шароитда, ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, юқори ҳосилли янги навларни яратиш муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқот доирасида жаҳон коллексияси намуналари ўрганилиб, селексия учун қимматли ота-она шакллари сараланди ва дурагайлаш ишлари амалга оширилди.
Дон-дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти докторанти Жасурбек Ҳусанов эса “Маккажўхори дурагайларини иссиққа, қурғоқчиликка бардошлилигини оширишда агротехнология элементларини такомиллаштириш” мавзусидаги тадқиқоти билан иштирок этди. У ўзининг илмий иши долзарблигини сўнгги йилларда юртимизда кузатилаётган юқори ҳарорат ва сув танқислиги сабабли, айрим қишлоқ хўжалиги экинларининг ривожланиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани билан изоҳлади. Жасурбек Ҳусанов ўз тажрибасини Тошкент вилоятидаги 1 гектарлик илмий-тажриба майдонида амалга ошириб, “Ўзбекистон 300 МВ” ва “Келажак 100” дурагайларининг агротекник омилларга жавоб реаксиясини таҳлил қилди.
Семинар давомида ҳар икки тақдимот муҳокамага қўйилди. Экспертлар томонидан илмий асосланган танқидий мулоҳазалар билдирилди ва амалий тавсиялар берилди. Жумладан, Миллий марказ бўлим бошлиғи, профессор Икром Қорабоевнинг таъкидлашича, Машҳура Туропованинг мавзу номи “эртапишар” деган тушунчани ўз ичига олган бўлса-да, тадқиқотда бу хусусиятга оид биологик кўрсаткичлар етарли даражада ёритилмаган. У “эртапишарлик” мезонларини аниқлаштириш ва уларни илмий асосда тасдиқлаш зарурлигини қайд этди. Миллий марказ бўлим бошлиқларидан яна бири Ғафур Парипиев эса тақдимотда тадқиқот мақсади билан янгилиги ўртасидаги боғлиқлик етарлича очиб берилмаганини таъкидлаб, бу камчилик тадқиқотнинг умумий мантиқий тартибига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, Миллий марказ бўлим бошлиғи Ўлмасбой Собитов эса мавзуда аниқ мақсад белгиланган бўлса-да, докторант айрим ҳолларда қўшимча йўналишларга ҳам урғу берганини ва бу ҳолат тадқиқотни кенгайтириб юбориб, асосий масаладан четлашишга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Докторант Жасурбек Ҳусановнинг тақдимоти ҳам экспертлар томонидан таҳлил қилиниб, тадқиқотдаги баъзи методик камчиликлар ва фактлар қайд этилди. Докторантга натижаларни янада асосланган ҳолда тақдим этиш ва тадқиқот методологиясини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир якунида Миллий марказ директори ўринбосари Соҳибжон Исломов “Докторантлар куни” доирасидаги бундай танқидий муҳокамалар докторантларга ўз илмий ишларини такомиллаштириш, йўналишини аниқлаш ва келгусидаги ҳимояга пухта тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этиши, шу билан бирга, Миллий марказ раҳбариятининг бош мақсади – тизимдаги ҳар бир илмий изланувчини давлат ва халқ манфаатига хизмат қиладиган, амалий самара берадиган илмий ишланмалар яратишига кўмаклашишдир, дея таъкидлади.
Янгиликлардан хабардор бўлиб, агротехнологиядаги сўнгги ютуқларни биз билан кузатиб боринг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе