Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Докторантлар куни” доирасида навбатдаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир Зоом платформаси орқали ташкил этилди ва унда турли йўналишларда тадқиқот олиб бораётган таянч докторантлар ўз илмий ишлари натижаларини тақдим этдилар.
Семинарни Марказ директори ўринбосари О. Аманов очиб, бундай учрашувлар ёш тадқиқотчилар учун муҳим илмий муҳокама ва тажриба алмашиш майдони эканини таъкидлади. Дастлабки тақдимот академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти таянч докторанти Йўлдашев Шавкатжон Атхамжон ўғли томонидан амалга оширилди. У “Экспортбоп қулупнай навларини касалликка чидамли турларини танлаш ҳамда ин-витро шароитида кўчат етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги тадқиқоти ҳақида маълумот берди. Тадқиқот давомида экспортбоп қулупнай навларида учрайдиган асосий замбуруғ касалликлари ўрганилиб, касалликка чидамли навлар сараланди.
Шунингдек, ин витро шароитида вируссиз ва барқарор кўчатлар етиштириш бўйича амалий натижалар тақдим этилди.
Иккинчи тақдимот Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти таянч докторанти Норбоева Дилноза Солижон қизи томонидан ўтказилди. У “Тритикале нав ва тизмаларида қурғоқчиликка чидамлиликнинг морфо-физиологик ва биокимёвий хусусиятлари” мавзусидаги тадқиқоти билан таништирди. Тадқиқотда турли тритикале навларининг сув танқислиги шароитидаги барқарорлиги, ўсиш реаксияси ва биокимёвий кўрсаткичлари солиштириб таҳлил этилгани қайд этилди.
Семинар якунида савол-жавоблар ва муҳокамалар бўлиб ўтди. Экспертлар икки докторантнинг ишларида салмоқли илмий натижалар мавжудлигини таъкидлаб, Йўлдошев Шавкатжон ишида мавзу боғлиқлигини кучайтириш, Норбоева Дилноза тадқиқотида эса айрим кўрсаткичларни янада чуқур таҳлил қилиш зарурлигини қайд этдилар.
Тадбир якунида мутахассислар докторантларга илмий изланишларни давом эттириш, лаборатория ва дала тажрибасини кенгайтириш ва келгусидаги тақдимотлар сифати янада оширилишини тавсия қилди. Семинар “Докторантлар куни”нинг ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганини яна бир бор тасдиқлади.









