ЕРЁНҒОҚ: НАВЛАРИ ВА ЕТИШТИРИШ, ФОЙДАЛИ ХУСУСИЯТЛАРИ

Ерёнғоқ мағзи таркибида 20-25% юқори сифатли енгил ҳазм бўлувчи оқсил, минерал ва витаминлар мавжуд. Унинг уруғи соф шаклда ёки қовуриб истеъмол қилинади. Оқсилидан синтетик толалар, унидан эса, елим тайёрланади. Ушбу елимлар ҳайвон суякларидан қилинган елимга ўхшайди. Шунингдек, ундан ёнғин ўчиришда ҳам ишлатилади.
Мойининг таъми зайтун мойидан қолишмайди. Ундан турли сабзавот экинларидан юқори сифатли консервалар ва маргарин тайёрлашда, қандолатчилик ҳамда парфюмерия саноатида кенг қўлланилади.
Ерёнғоқ уруғларида ўртача 18% углевод, кўп миқдорда К, Мг каби минерал моддалар мавжуд. Шунингдек, у А, Б ва Э каби витаминларга бой. Пояси ҳам минерал ва витаминларга бой бўлиб, тўйимлилиги жиҳатидан беда экинидан қолишмайди.
Ўсимлик қолдиқлари таркибида катта миқдорда фосфор, калий мавжуд бўлиб, тупроқни турли органик моддалар ва минераллар билан бойитади. Уй шароитида ёнғоқларидан ажратиб олинган пўстлоғи чорвачиликда қиш мавсумида ёш бузоқлар, соғин ва ҳомиладор сигирларнинг тагига зах ўтказмаслик учун солинади. Саноатда ерёнғоқ пўстлоқларидан қурилиш маҳсулотлари (ДСП, шовқиндан ҳимояловчи изолятор) ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.
Навлари: Ерёнғоқнинг ватани Жанубий Америка бўлиб, ҳозир ҳам кўп йиллик ёввойи турлари Бразилиянинг жанубий қисми, Парагвай, Уругвай, Боливия ва Амазонка дарёси соҳиллари бўйлаб ўсади.
Республикамизда кенг тарқалган ва туманлаштирилган ерёнғоқ навлари: “Тошкент-112”, Қибрай-4”, “Мумтоз”, “Саломат” кабилардир. Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Россия, Туркия, Япония ва бошқа мамлакатлардан республикамизга кириб келган ва кам миқдорда бўлса-да, экиб келинаётган навлар учрайди. Бундай нав уруғлари оч-сариқ, тўқ-қизил, кулранг, сиёҳранг, бинафша рангларда, шакллари: думалоқ, овалсимон, чўзинчоқ кўринишларда бўлади.
Ҳайвонлар учун озуқа. Ерёнғоқ дуккакли ўсимлик бўлиб, барглари ҳайвонлар учун тўйимли озуқадир. Уни парваришлашда қатор ораларига ишлов берилиши талаб этиладиган ўсимлик бўлгани учун уруғлари униб чиқишидан токи ҳосил органлари шаклланиш давригача бўлган вақт давомийлигида ерга ишлов бериб турилади. Парваришлаш жараёнида бегона ўтлардан тозалангани, атмосферадаги биологик азотни ўзлаштириб, тупроқда қолдиргани учун алмашлаб экишга яхши ўсимлик ҳисобланади. Уни ҳар қандай техник (қатор орасига ишлов бериладиган) экинлар билан алмашлаб экилиши мумкин. Асосий экин сифатида баҳор мавсумида етиштирилса, кузги бошоқли дон экинларидан сўнг такрорий экин сифатида экилади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе