Хоразм вилоятида шоличилик соҳасини илмий асосда ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш борасида тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда илм-фан ютуқлари ва амалий тажрибанинг уйғунлашуви тармоқ самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Шоличилик илмий-тадқиқот институти Хоразм филиалида илмий-инновацион фаолиятни кенгайтириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда илмий салоҳиятни юксалтириш йўналишларида муҳим натижаларга эришилмоқда.
Филиал томонидан шоли ва дуккакли дон экинларининг янги, юқори ҳосилдор навларини яратиш, маҳаллий ҳамда хорижий навларни ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш, тажриба майдонларида синовдан ўтказиш ишлари изчил олиб борилмоқда. Натижада супер элита ва элита уруғлари етиштириш йўлга қўйилиб, уруғчилик тизимини ривожлантиришда сезиларли силжишларга эришилди.
Шу билан бирга, ҳудуд шароитига мос, ноқулай иқлим омилларига чидамли навларни танлаш ва уларнинг бирламчи уруғларини кўпайтириш, селексия ҳамда илғор агротехник ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Филиал замонавий лаборатория ва илғор асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани тупроқнинг агрокимёвий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш имконини бермоқда. Ушбу таҳлиллар асосида агротехник тадбирларни аниқ режалаштириш амалиёти йўлга қўйилиб, ер унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ресурс-тежамкор технологияларни жорий этиш, сувдан самарали фойдаланиш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар фикрича, мазкур ёндашувлар шоличиликда ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, илмий ишланмалар ва инновацион ечимларнинг амалиётга кенг жорий этилиши келгусида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда аграр соҳанинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.




