


Хитойнинг дунёга машҳур Хинжианг Жингҳуа Сеед уруғчилик компанияси билан Ўзбекистон маҳаллий ғўза навларига БТ генини тезкор ўтказиш (8 ой) ва тола чиқимини (45 фоиз) ошишини назорат қиладиган генни Ўзбекистонда ҳам патентлаш ва маҳаллий навларнинг генотипига ўтказиш бўйича келишувга эришилди
Айни кунларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов бошчилигида Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар раҳбарларидан иборат делегация хизмат сафари доирасида Ҳубеи провинсиясидаги дунёга машҳур ва нуфузли Хинжианг Жингҳуа Сеед уруғчилик компаниясининг Ҳаинандаги тармоқ ташкилоти фаолияти фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Хинжианг Жингҳуа Сеед уруғчилик компанияси пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг юқори авлодли уруғликларини етиштириш билан шуғулланади. Компания олимлари томонидан кашф қилинган инновацион технологиялар эса дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, улар ғозага БТ генини ўтказишнинг замонавий ва тезкор усулини ишлаб чиққан бўлиб, бу жараён анъанавий бакккросс усулига нисбатан анча самарали экани билан ажралиб туради. Анъанавий усулда БТ генини ғозага ўтказиш 2-3 йил талаб қилса, янги технология ёрдамида 8 ой кифоя қилади, холос. Олимлар бу жараёнда ошқозон бактерияси (Эсчеричиа коли) дан фойдаланган ҳолда юқори самарадорликка эришган.
Шунингдек, делегация аъзоларини қизиқтирган яна бир муҳим янгилик – тола чиқимини 45 фоиздан оширишни назорат қилувчи ген бўлди. Бу технология пахта толасининг ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Шуҳрат Отажонов бу борада шундай фикр билдирди:
— Ушбу янги технологиялар ўзимизда ҳам татбиқ этилса, маҳаллий пахта навларининг тола чиқимини оширишга катта ҳисса қўшади. Бу эса пахта хомашёсини қайта ишлаш самарадорлигини юксалтириш, миллий иқтисодиётга салмоқли фойда келтириш ва фермерлар даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ҳамда Хинжианг Жингҳуа Сеед уруғчилик компанияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Келишувга кўра Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот институтларида қишлоқ хўжалик экинларининг серҳосил нав ва дурагайларини яратишда ҳамкорлик қилинади, Уруғчиликни ривожлантириш маркази билан ғўза ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалик экинларининг уруғчилиги ривожлантирилади.
Шунингдек, компаниянинг селексия бўйича катта консултанти доктор Зҳу Зҳенмин билан тола чиқимини 45 фоиздан юқори бўлишини таъминловчи генни Ўзбекистонда ҳам патентлаш ва маҳаллий навларнинг генотипига ўтказиш бўйича келишилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг бошқа экинларига оид дурагай навларни яратиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилиши белгилаб олинди.
Ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги илмий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
