Халқаро_конференсия

Дон ва дуккакли экинлар бўйича халқаро конференсияда инновацион ечимлар муҳокама қилинди
Миллий марказ тизимидаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтида “Бошоқли дон, дуккакли ҳамда ем-хашак экинларининг янги навларини яратиш ва етиштиришда инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференсия юқори савияда ташкил этилди.
Дастлаб, анжуманинг амалий қисми илмий муассасанинг тажриба майдонида бошланди. Иштирокчилар сўнгги йилларда яратилган буғдойнинг янги навлари билан танишиб, уларнинг ҳосилдорлиги, иқлим шароитларига мослашуви ва агротехник хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот олдилар. Шу ерда институт директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Равшанбек Сиддиқлов иштирокчиларга янги навларни яратиш ва етиштиришда инновацион технологияларнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш берди.
Анжуманнинг назарий қисми эса институтнинг мажлислар залида давом этди. Унда хорижий ва маҳаллий олимлар, экспертлар ўз илмий маърузалари билан қатнашди. Хусусан, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, шарсимон буғдой навларининг муаллифи Александр Николаевич Боровик, Беларус Республикасидан Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Беларус Миллий фанлар академияси лауреати Александр Аутко, шунингдек, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маҳаллий маслаҳатчиси Хайрулло Эсонов ўз илмий ишланмалари ва тадқиқот натижаларини тақдим этдилар.
Шунингдек, анжуманда онлайн платформа орқали хорижий олимларнинг маърузалари тингланди.
Хорижий меҳмонлар конференсияни юқори савияда ташкил этилганини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқлари ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар.
Тадбир якунида илмий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва янги инновацион лойиҳаларни амалга оширишга оид келишувларга эришилди.
Янгиликлардан хабардор бўлиб, қишлоқ хўжалигидаги сўнгги илмий ютуқларни кузатиб боринг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе