2025 йил 22 апрел куни — Халқаро Ер куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги Ҳятт Регенкй меҳмонхонасида “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг интенсив ва инновацион ечимлари, ер ресурсларидан фойдаланишни рақамлаштириш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздаверлойиҳа” институти, ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети, шунингдек, бир қатор маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), БМТ Тараққиёт дастури (УНДП), Европа Иттифоқи, ҳамда бошқа халқаро тузилмалар экспертлари тадбирда қатнашиб, ўз тажриба ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.
Анжуманда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда ер деградациясининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ва халқаро ҳамкорликдаги ишлар натижалари ҳақида маълумот берди.
Илмий-амалий тадбир доирасида панел сессиялар, маърузалар, ҳамда соҳадаги энг сўнгги инновацион ёндашувлар ва илмий янгиликлар тақдим этилди.



