Узум_сайли

Халқаро "Узум сайли" Паркентнинг туризм соҳасидаги имкониятларини ҳам кенгайтиради
Хабарингиз бор сўлим Паркент туманида шу кунларда Халқаро “Узум сайли” фестивали бўлиб ўтяпти. Ушбу фестивалнинг Паркент туманида ташкил этилиши бежиз эмас. Боиси, паркентликлар узумчилик соҳасида ўзига хос мактаб яратган. Қолаверса, ҳудуднинг фусункор табиатию тоза ҳавоси барчани ўзига мафтун қилади.
Кеча бошланган фестивалда фолклор жамоалари, эстрада санъаткорлари чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастур ташкил этилди. Энг яхши ошпазлар миллий пазандачилик маҳсулотлари намуналарини, узумдан анъанавий миллий ичимликлар ва ширинликлар тайёрлаш маҳоратини намойиш этишди.
Айни дамда эса “УЗУМ САЙЛИ” фестивали доирасида Тошкент “Ўзбекистонда узумчилик: инновация ишлаб чиқариш ва агротехнологияларни қўллашнинг замонавий усуллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференсия бўлиб ўтмоқда. Конференсияда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар милли й маркази директори Шуҳрат Отажонов ҳам “Узум етиштириш ва виночиликда янги инновацион технологияларни жорий этиш истиқболлари “ мавзусидаги маърузаси билан иштирок этмоқда.
– Хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш йўли билан узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида хорижда малака ошириш ишлари олиб борилмоқда. Узумнинг сертификатланган, турли хил вирусли касаллик ва зараркунандалардан холи 35-40 млн туп ток кўчатларини тайёрлаш мақсадида Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятларида 5 та комплекс ток кўчатхоналарини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда Республикамиздаги “миллий ампелографик” коллексияларини сақлаш ва кўпайтириш, стресс омилларга чидамли, сифатли, сертификатланган ток кўчатларини етиштириш мақсадида “ин-витро” шароитида микроклонлаш услубида пайвандланган ток кўчатларини етиштириш ишлари йўлга қўйилди. Ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳатлар ҳамда илмий-тадқиқотларни халқимизга кенг тарғиб қилиш борасида ўтказилаётган ушбу тадбирни ўрни беқиёс деб ҳисоблайман. Қолаверса, ушбу фестивалнинг Паркентда ўтказилаётгани туманнинг туризм соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади– деди Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов ўз маърузасида.
Фестивалда Ўзбекистон Республикасининг 12 та вилоятидан фермер хўжаликлари, мамлакатимиз вино заводлари, табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат консентратлари ишлаб чиқариш корхоналари экспозициялари иштирок этмоқда. Бундан ташқари ҳар бир вилоят ўзларига ажратилган павилёнларда вилоятлардан олиб келинган турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок | Ёутубе