Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан биология фанлари доктори, профессор, Қишлоқ хўжалик фанлари академияси мухбир аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Саид-Акбар Раҳмонқулов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган
“Экологик биохилма-хилликни асраш ва глобал иқлим ўзгариши
шароитида пахтачиликни барқарор ривожлантиришда
биологиянинг аҳамияти” мавзусида
халқаро илмий-амалий анжуманитантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниевнинг кириш сўзи билан очилди.
У ўз нутқида давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг Ғўза физиологияси ва биокимёси лабораторияси мудири Саид-Акбар Раҳмонқулов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганини тантанали равишда эълон қилди.
Шундан сўнг давлат ва фан арбоблари, академиклар, олимлар ҳамда устознинг шогирдлари иштирокида унинг кўп йиллик самарали фаолияти ва бой илмий меросини юксак эътироф этишди.
Қайд этилганидек, Саид-Акбар Раҳмонқулов қарийб етмиш йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида пахта селексияси, физиологияси ва биотехнологияси йўналишларида мустаҳкам илмий мактаб яратган.
Олим томонидан 400 дан ортиқ илмий мақола ва қатор монографиялар яратилган. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланган. Шунингдек, у иштирок этган селексион ишлар натижасида юқори ҳосилдор, сермой ва сифатли толага эга бўлган ўнлаб ғўза навлари яратилган бўлиб, бугун улар фермер хўжаликларида самарали қўлланилмоқда.
Тадбирда устознинг селексия жараёнларига илмий ёндашувларни жорий этиш, ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш борасидаги хизматлари алоҳида таъкидланди. Айниқса, у асос солган илмий мактаб бугун ҳам изчил фаолият юритиб, соҳанинг барқарор ривожига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбир якунида Саид-Акбар Раҳмонқуловнинг илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ва ёшлар учун ибратли ҳаёт йўли алоҳида эътироф этилди.









