Тупроқ соғломлиги – озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим омили

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Т. Атакулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида институт директори Ш. Бобомуродов ва мутасаддилар ҳамроҳлигида илмий бўлимлар, лабораториялар ҳамда мавжуд имкониятлар кўздан кечирилди. Илмий ходимлар билан мулоқотда амалга оширилаётган тадқиқотлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки тупроқ соғломлигини сақлаш, унинг ҳолатини илмий асосда баҳолаш ва унумдорлигини тиклаш муҳим вазифалардан биридир.
Шу мақсадда тупроқ таркибидаги шўрланиш, пестицид қолдиқлари, оғир металлар ва
микроелементлар миқдорини ўрганиш, тупроқ соғломлиги харитасини яратиш ҳамда ишончли маълумотлар базасини шакллантириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашув давомида тупроқ мониторинги, агрокимёвий таҳлиллар, смарт ўғитлаш технологиялари, тупроқ маълумотларини рақамлаштириш ва геопортал тизимларига интеграция қилиш йўналишларидаги лойиҳалар тақдим этилди.
Ишчи гуруҳ институт лабораторияларидаги замонавий таҳлил ускуналари билан ҳам танишиб, тупроқ намуналарини ўрганиш имкониятлари ҳамда илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, институтда ташкил этилаётган Тупроқ музейи, замонавий кутубхона, тажриба майдонлари ва ходимлар учун яратилаётган шароитлар кўздан кечирилди.
Учрашув якунида тупроқ ресурсларини асраш, илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва амалий ечимларни кенг жорий этиш мамлакат қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишида муҳим омил экани қайд этилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм