Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтида тритикале экинларининг уруғ кўпайтириш майдонлари ўрганилди. Ишчи гуруҳ раҳбари Ўлмасбек Собитов ва институт директори Равшанбек Сиддиқов Избоскан туманидаги тажриба майдонларида етиштирилаётган тритикале навлари ҳолати билан танишди.
Бугунги кунда институт олимлари томонидан Россиядан келтирилган 7 та тритикале нав намунаси республикамизнинг суғориладиган майдонларида интродуксия қилиниб, уруғчилик ишлари олиб борилмоқда.
Тритикаленинг аҳамияти унинг юқори озуқавий қиймати билан изоҳланади. Унинг дони таркибидаги оқсил миқдори буғдойга нисбатан 1,0–1,5 фоизга, жавдарга нисбатан эса 3,0–4,0 фоизга юқори экани аниқланган. Шунингдек, дон таркибида 3,8 фоиз лизин ва 2,0–4,0 фоиз ёғ мавжуд.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, минерал ўғитлар меъёри оширилганда тритикале ҳосилдорлиги гектарига қўшимча 0,83–1,68 тоннага ортиши кузатилган. Экиннинг яшил массаси ҳам юқори озуқавий қийматга эга бўлиб, 1 килограмм кўк массасида 0,3 озуқа бирлиги мавжуд. Шу боис тритикале дони ва яшил массаси чорвачиликда қимматли озуқа манбаи ҳисобланади. У сифатли ем-хашак тайёрлашда кенг қўлланилади.
Айни пайтда институтнинг Избоскан туманидаги Истиқлол дала тажриба майдонининг 7,5 гектарида ТИТ-1 (1,3 га), Тихон (1,3 га), Хлебороб (1,2 га), Кунак (1,2 га), Сват (1,0 га), Сергий (1,0 га) ва Ярило (0,5 га) нав намуналарининг уруғ кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу навлар келгусида республикада тритикале етиштириш ҳажмини кенгайтириш ва чорвачилик учун озуқа базасини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.



