Тошкентда “Хитой–Марказий Осиё” форуми бўлиб ўтмоқда

Бугун Тошкент давлат аграр университетида “Хитой–Марказий Осиё фан ва технологиялари: Биологик хавфсизлик ҳамда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш” мавзусидаги халқаро форум ўз ишини бошлади.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров очиб берди. Ўз нутқида у қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ва биохавфсизликни таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Форум доирасида пахтачиликда инновацион ёндашувлар, биологик уруғчилик, замонавий агротехника ва қишлоқ хўжалиги биохавфсизлигига оид масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда. Анжуманда Ўзбекистон, Хитой, Туркия ва Қозоғистондан таниқли олимлар илмий маърузалари билан қатнашмоқда.
Тадбир давомида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтириш мақсадида хорижий ҳамкор ташкилотлар билан англашув меморандумларини имзолаш режалаштирилган. Форум, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни шакллантириш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаб бериш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе