Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Толали экинлар илмий-тадқиқот институти томонидан Ўзбекистоннинг турли тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган ноанъанавий толали ўсимлик турларини аниқлаш, шунингдек, ушбу экинларни етиштириш ва қайта ишлаш саноатини йўлга қўйиш мақсадида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда бир қатор тола берувчи ўсимликлар институтнинг тажриба майдонларига синов тариқасида экилиб, улар устида замонавий агротехник тадбирлар амалга оширилди ҳамда фенологик кузатувлар олиб борилди. Жумладан, канатник ўсимлигининг намуналари белгиланган экиш схемаси асосида парвариш қилиниб, унинг ўсиш даврлари, фенологик кўрсаткичлари ва агротехник талабларга жавоб бериш даражаси бўйича доимий мониторинг ва таҳлиллар амалга оширилмоқда.



