Тил — миллатнинг тириклиги ва маънавий қудрати рамзи

21-октабр — Ўзбек тили байрами муносабати билан Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент давлат аграр университети “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси мудири, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сайёра Холмирзаева иштирок этди.
Профессор Сайёра Холмирзаева ўз маърузасида тилнинг миллат ҳаётидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр билдириб, шундай деди:
“Тилини йўқотган эл — йўқликка маҳкум. Она тилини авайлаш, ёт сўзлардан асраш — ҳар биримиз учун муқаддас бурч.”
Шунингдек, Сайёра Холмирзаева бу байрамни миллат учун энг улуғ байрамлардан бири сифатида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, тил — миллатнинг кўзгуси, халқ борлигини, унинг руҳи ва маънавий бойлигини намоён этувчи бебаҳо неъматдир.
– Сайёрамизда ўзбек тилида сўзлашадиган халқ борлиги — бу миллатнинг тириклигини, маънавий қудратини кўрсатувчи улкан бойликдир, – дея таъкидлади маърузачи.
Тадбир давомида Миллий марказ ходимлари ва Сайёра Холмирзаева ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида она тилининг тозалигини сақлаш, ёшларда тилга эҳтиром ва муҳаббатни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида халқимизнинг атоқли адиби, Сайёра Холмирзаеванинг отаси Шукур Холмирзаев ижоди ёдга олинди. Адибнинг ўлмас асарларидаги миллий руҳ, инсонпарвар ғоялар ва ҳаётий образлар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани таъкидланди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе