Терим машиналарини таъмирлашга амалий ёрдам кўрсатилмоқда

Шу кунларда Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан бирга Жиззах вилоятидамиз. Гуруҳимиз томонидан вилоятда пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш, пахта қабул қилиш масканларида ишни тўғри ташкил қилиш, қабул қилинган хом ашёнинг маълумотларини “агроплатформа. уз” порталига тўғри киритиш борасидаги ишларга эътибор қаратиляпти. Ўрганиш жараёнида ечимини кутаётган масалалар, терим суръатини оширишга тўсиқ бўлаётган сабабларга ҳам вазир бошчилигида ечим топишга ҳаракат қиляпмиз.
Масалан, бугун вилоятнинг Шароф Рашидов туманидаги пахта далаларида бўлдик. Туманда жорий йилда 10 минг гектар майдонга пахта экилган бўлиб, 36 минг тонна ҳосил етиштириш мўлжалланган.
Таъкидлаш керакки, мўл ҳосил етиштирилган. Бироқ, қуёш кўкда доим порлаб туравермайди. Шу боис ҳосилни қисқа фурсатда йиғиштириб олиш зарур. Бунинг учун теримга кўпроқ техника жалб этиш зарур. Аммо пахта терувчи комбайнлар кам. Борларининг ҳам аксарият қисми носоз ҳолатда.
Мисол учун “Жиззах индстуриал тўқима” МЧЖнинг 30 дона пахта териш машинаси бор. Таассуфки, шунча техникадан сози 6 тагина экан. Қолганларини тузатишга эҳтиёт қисм ва мутазассислар керак. Вақт эса тўхтаб турмайди. Вазир И.Абдураҳмоновнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан эҳтиёт қисмлар учун маблағ йўналтирилиб, Миллий марказ тизимидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институтидан техникаларни таъмирлашга мутахассислар жалб қилинди.
Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидек носоз техникалар таъмирланиб, техника паркидан пахта далаларига йўл олди.
Мақсадимиз, ҳосилнинг бир мисқолини ҳам увол қилмасдан, сифатли тарзда йиғиб олишдир.
Шуҳрат Отажонов |Расмий канали