Шоличиликда селексия жараёнлари тезлашади

Гап шундаки, шоли навларини яратиш ва уларнинг истиқболли намуналарини танлашда илмий тадқиқотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан ўсимликлар учун зарур бўлган табиий муҳит омилларини назорат қилиш имкониятига боғлиқ. Эндиликда Шоличилик илмий-тадқиқот институтида фойдаланишга топширилган замонавий “Фитатрон” мажмуаси олимларга ана шундай имкониятни тақдим этади. "Фитатрон" мажмуаси Корея Республикасининг Ўзбекистондаги КОПИА маркази томонидан тақдим этилди.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази вакиллари, кореялик мутахассислар, институт олимлари, докторантлар ҳамда шоликор фермерлар иштирок этди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги котибияти бошлиғи Шамшод Эргашев сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида қишлоқ хўжалиги, хусусан, шоличилик соҳасида йўлга қўйилган илмий-амалий ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
У янги мажмуанинг фойдаланишга топширилиши институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илмий изланишларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ёш тадқиқотчилар учун замонавий илмий муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, КОПИА маркази директори Ким Жае Ҳюн мажмуанинг ташкил этилиши, техник имкониятлари, илмий тадқиқотлардаги афзалликлари ва шоли селексияси жараёнларини жадаллаштиришдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидлаш жоизки, фитатрон — ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган ҳарорат, намлик, ёруғлик ҳамда бошқа муҳим экологик омилларни бошқариш имконини берувчи замонавий илмий-тадқиқот мажмуасидир. Унда турли иқлим шароитларини сунъий равишда яратиш ва ўсимликларнинг ушбу шароитларга муносабатини ўрганиш мумкин.
Маросим давомида иштирокчилар мажмуанинг ишлаш механизми, бошқарув тизими, яратилган шароитлар ҳамда унда ташкил этилган дастлабки илмий тажрибалар билан яқиндан танишдилар.
Мутахассислар фитатрон ёрдамида ўсимликларнинг ривожланишини мунтазам кузатиш, турли иқлим омилларининг шоли навларига таъсирини ўрганиш, шунингдек, селексия учун истиқболли намуналарни танлаш имкониятлари ҳақида тушунтириш бердилар.
Янги мажмуа шоли селексияси бўйича илмий тадқиқотларни янада такомиллаштириш, истиқболли навларни яратиш ва танлаш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Расмий саҳифаларимизни кузатиб боринг.
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок|Ёутубе