Соҳа ходимлари учун малака ошириш курсларига старт берилди

Бугун Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ҳамда туман бўлимлари ходимлари учун малака ошириш курслари бошланди.
Мазкур ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 4-декабрдаги ПФ-420-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 10-декабрдаги 783-сон қарорига асосан ташкил этилиб, соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини замон талаблари асосида оширишга қаратилган.
Ўқув дастури очилишида Қишлоқ хўжалиги вазирининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Мизроб Буронов ва бошқа масъуллар иштирок этиб, курсларнинг аҳамияти, асосий йўналишлари ва кутилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва инновацион ёндашувларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Амалий машғулотлар доирасида тингловчилар Республика агрохизматлар маркази ҳузуридаги “Смарт иссиқхона” фаолияти билан ҳам танишдилар. У ерда улар автоматлаштирилган иссиқхона тизимлари, ресурс тежовчи технологиялар ва инновацион ечимлар ҳақида амалий билимларга эга бўлдилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе