"Шиитаке" қўзиқоринини биласизми?

Эндиликда Ўзбекистонда ҳам "шиитаке" қўзиқоринини етиштириш йўлга қўйилади.
Асосан Осиё ошхонасида кенг ишлатиладиган бу қўзиқорин ўзига хос таъми ва озиқавий қиймати билан машҳур. У янги ёки қуритилган ҳолда шўрва, мастава, қовурма, сабзавотли ва гуручли таомлар ҳамда турли соуслар тайёрлашда ишлатилади.
"Шиитаке" таркибида оқсил, клетчатка, Б гуруҳи витаминлари, мис, селен, рух каби минераллар ва антиоксидант бирикмалар мавжуд.
Мамлакатимизда қўзиқоринчиликни ривожлантириш ва янги технологияларни жорий этиш мақсадида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида Жанубий Кореянинг "Мушроом Гарден" компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистонда Жанубий Корея технологияси асосида "шиитаке" қўзиқоринини етиштиришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар якунида институт ва "Мушроом Гарден" компанияси ўртасида Ўзбекистонда "шиитаке" қўзиқоринини етиштириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Демак, яқин келажакда ўзимизда етиштирилган "шиитаке" қўзиқорини ҳам истеъмолчилар дастурхонидан жой олиши мумкин.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе