Сербия тажрибаси Ўзбекистонда замонавий селексия ва уруғчиликни ривожлантиришга хизмат қилади

Ўзбекистон ва Сербия мева-сабзавот экинлари селексияси, замонавий уруғчилик ва кўчат етиштириш йўналишларида илмий-инновацион ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Бу борада Сербиянинг Нови Сад илмий-тадқиқот институти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Асосий мақсад — Ўзбекистон шароитига мос, юқори ҳосилдор, иссиқлик, қурғоқчилик ва турли касалликларга чидамли нав ҳамда дурагайларни яратиш, шунингдек, замонавий уруғчилик технологияларини жорий этиш.
Ҳамкорлик доирасида икки давлат олимлари ва мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, илғор селексия усулларидан фойдаланиш, юқори генетик салоҳиятга эга нав ва дурагайларни яратиш ҳамда уларни Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказиш бўйича истиқболли йўналишлар белгиланган.
Шунингдек, сифатли уруғлик ва кўчат материалларини етиштириш, нав хусусиятларини сақлаш ва кўпайтириш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда селексия натижаларини амалиёт билан уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан яна бири — Ўзбекистонда замонавий технологиялар асосида кўчат етиштириш тизимини ташкил этиш. Бунда Сербиянинг илғор тажрибасини маҳаллий шароитга мослаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Томонлар ўртасида ўтказилган учрашувлар якунида ҳамкорлик тўғрисида тегишли битимлар имзоланди. Мазкур ҳужжатлар селексия ва уруғчилик соҳасида қўшма тадқиқотларни кенгайтириш, илмий салоҳият ва амалий тажрибани бирлаштириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Келгусида қўшма илмий тадқиқотлар, тажриба-синов ишлари, мутахассислар алмашинуви, малака ошириш ва стажировка дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бу ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда сифатли уруғлик ва кўчат материаллари етиштириш, маҳаллий селексия салоҳиятини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашган замонавий сабзавотчиликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм