семинар

Сарсабл – ноанъанавий, ноёб ўсимлик
⌛ Сўнгги йилларда озуқа расионимиздан ноанъанавий бўлган маҳсулотлар ҳам кенг ўрин олмоқда. Мисол учун броколли, барг карам, каби маҳсулотлар бугун биз учун янгилик эмас. Шунингдек, олимлар томонидан пастернак, сикорий салати, артишок, маёран, мелисса, катовник сингари экинларнинг нав намуналарини ўрганиш, интродуксия қилиш, селексия учун бошланғич манба ажратиш ва турли экиш муддатлари ва схемаларини мева ҳосилига ҳамда уруғ чиқимига таъсирини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб борилмоқда.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти докторанти Абдулла Раҳимов эса яна бир ноанъанавий ўсимлик – сарсабл устида илмий изланиш олиб бормоқда. У ўзининг 2-йиллик изланишлари давомида қўлга киритган натижалари хусусида бугун Миллий марказда бўлиб ўтган “Докторантлар куни”да тақдимот қилди.
Докторантнинг маълум қилишича, сарсабл кўп йиллик бўлиб, бир майдонда 20-йилгача ўстирилади. Етиштириш технологияси ва нав хусусиятига қараб асосан яшил, оқ ва сиёҳ рангли новдалар олиш мумкин. Илдизпояларининг ёши ва вазнига қараб экилган йилдан бошлаб иккинчи-учинчи йилдан янги новдалар териб олинади. Максимал ҳосил 4-5-йилдан бошлаб олинади. Бир майдонда экилган сарсабилдан етиштириш технологиясига тўғри амал қилинганда 20-йилгача янги новдалар ҳосили териб олинади. Бир мавсумда ўсимликнинг ёшига, етиштириш технологияларига ҳамда новдаларни ўрим-йиғим даври давомийлигига қараб гектаридан 30 сентнердан 60 сентнергача ва ундан ортиқ янги новдалар ҳосили олинади. Республикамиз шароитида янги новдаларини март ойидан териб, Россия ва Европа давлатларига экспорт қилиш мумкин.
Бу – ўсимлик тўғрисидаги умумий маълумотлар. Докторант ҳали сарсабл етиштириш технологиясини илмий асослаши керак. Тақдимот билан танишган экспертларнинг таъкидлашича, ҳали қўлга киритилган натижалар, таҳлиллар етарли эмас. Ўтказилаётган тадқиқотнинг муваффақиятли якунланиши ҳар омилни чуқур таҳлил қилишни талаб қилиши таъкидланди. Семинар сўнггида устозлар томонидан ёш олимга зарур тавсия ва таклифлар берилди.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок | Ёутубе