Савдо расталарида байрамона кайфият ҳукмрон, ҳар бир маҳсулот эса ҳамёнбоп

Хабарингиз бор, ҳар йили Янги йил муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги деҳқон бозорларида юртдошларимизнинг озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Куни кеча пойтахтимиздаги барча деҳқон бозорларида ана шундай ярмаркалар яна ўз фаолиятини бошлади.
Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Наврўз” деҳқон бозорига ташриф буюриб, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо жараёнини кўздан кечирди.
Савдо расталари янги ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, салқин ичимликлар, гўшт, гуруч ҳамда байрам дастурхони учун зарур бўлган энг керакли ноз-неъматлар билан тўлдирилган.
Қайд этиш жоизки, ушбу бозорга Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси масъул этиб белгиланган. Шу боис бу ерга фарғоналик миришкорлар томонидан етиштирилган маҳсулотлар пешма-пеш етказиб берилмоқда.
Кириб келаётган Янги йил арафасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ярмаркаларда сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари арзон ва ҳамёнбоп нархларда харидорларга таклиф этилмоқда.
Хусусан, тухум донаси 1 000 сўмдан, импорт гўштнинг бир килограмми 65 000 сўмдан 75 000 сўмгача, маҳаллий гўшт 85 000 сўмдан, товуқ гўшти эса 25 000 сўмдан сотилмоқда.
Зеро, тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади, байрамни тўкин дастурхон атрофида нишонлашнинг гашти эса ўзгача.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм