Қишлоқ хўжалигида “нол” ставкали ҚҚС жорий этилади

Бугун Қишлоқ хўжалиги вазирлигида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов раислигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар, хусусан, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Видео-конференс-алоқа шаклида ўтказилган йиғилишда вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари, тизим ташкилотлари раҳбарлари, Республика Солиқ қўмитаси мутасаддилари, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аъзолари, шунингдек, тегишли идоралар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда "Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони лойиҳасига батафсил тўхталинди.
ℹХусусан, мазкур Фармон лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад – 2026–2027-йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида расмий товар айланмасини камида уч баравар ошириш эканлиги таъкидланди. Шу мақсадда 2026-йил 1-январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган пахта ва ғалладан ташқари маҳсулотлар реализацияси учун қўшилган қиймат солиғининг “нол” ставкаси жорий этилади.
Бу янгилик фермер ва деҳқонлар учун катта қулайлик яратади. Энг асосийси, улар ишлаб топган даромадларини расмийлаштиришдан чўчимай, эркин савдо қилишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси 3 кун ичида автоматлаштирилган тартибда қайтарилиши белгиланган. Бу тизимнинг шаффофлигини оширади ва тадбиркорлар вақтини тежайди.
Йиғилишда Фармон лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, масъуллар иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди. Мулоқот давомида қатор таклифлар илгари сурилди. Муҳими, мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб қилиш, фермер ва деҳқонларга тушунтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу тариқа, яқин йилларда қишлоқ хўжалигида яширин товар айланмаси камайиши, расмий иқтисодиёт эса барқарор ўсиши кутилмоқда. Фермерлар эса бу имкониятдан унумли фойдаланиб, иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшиши лозим.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм