Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти томонидан Республика агрохизматлар марказининг ҳудудий бўлим мутахассислари учун ташкил этилган ўқув дастурининг сўнги кунида "Қишлоқ хўжалигида инновацион 100 ташаббус" тўплами ҳақида маълумот берилди.
Ушбу тўплам ҳақидаги батафсил маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги котибият мудири Шамшод Эргашов дастур иштирокчиларига тақдим этди.
У ўз тақдимотида мазкур тўпламнинг мазмун-моҳияти, унинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳамда ҳудудларда инновацион ёндашувларни кенг жорий этишдаги ўрни ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, тўпламда келтирилган ташаббуслар орқали замонавий агротехнологияларни жорий этиш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва қўшимча қиймат яратиш, ҳамда қишлоқ хўжалигида рақамли ечимлардан фойдаланишни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани такидланди.
Ўқув дастури давомида ҳудудий мутахассислар билан фикр алмашилиб, ушбу ташаббусларни жойларда кенг жорий этиш, фермер ва деҳқон хўжаликларига амалий кўмак кўрсатиш бўйича тавсиялар берилди.
Мазкур ўқув дастури республика Агрохизматлар марказининг ҳудудий мутахассислари билим ва кўникмаларини ошириш, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.



