Пресс_конференсия

“Ғаллачиликда долзарб агротехник тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди
Бугун, 2025 йил 13-феврал куни, Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази томонидан “Ғаллачиликда долзарб агротехник тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов, тизимдаги ғаллачиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, олимлар ва мутахассислар иштирок этдилар.
Матбуот анжуманида Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов 2025-йил ҳосили учун 996,9 минг гектар майдонда кузги буғдой экилгани, лекин қиш фаслининг меъёрга нисбатан қуруқ келгани ғалла ривожига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, кўзланган ҳосилдорликка эришиш учун олимлар томонидан буғдой майдонлари уч гуруҳга ажратилган ҳолда таҳлил қилиниб, ҳар бир гуруҳ учун мақбул агротехник тавсиялар ва услубий қўлланма ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Шунингдек, мутахассислар 2025-йил ҳосили учун экилган ғалла экинлари ҳозир мураккаб физиологик жараёнларни бошдан кечираётгани ҳақида маълумот бердилар. Ноябр ва декабр ойларидаги ўзгарувчан об-ҳаво туфайли ғалла экинлари тиним даврига тўлиқ ўтмай, ўсиш ва ривожланишни давом эттирган.
Ёғингарчиликнинг камлиги ҳамда қуруқ ва илиқ ҳаво шароити туфайли тупроқнинг 20-25 см қатламида намлик етишмовчилиги кузатилмоқда.
Соҳанинг етакчи мутахассисларидан бири Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори, профессор Ойбек Аманов ғалла майдонларида бугунги шароитда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида шундай тавсиялар берди:
⏺Ниҳоллари тўлиқ униб чиқмаган майдонларда сув бериш орқали тупроқнинг ишқорли муҳитини яхшилаш ва шўрни ювиш зарур.
⏺Сув орқали тупроқдаги намлик сақланиб, илдиз системасининг ўсиши таъминланади ва ғалланинг туплаш жараёни тезлашади.
⏺Март ойига келиб 3-4 та туп ҳосил қилишга эришиш мумкин.
⏺Май ойида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилганда, тупроқнинг 30-35 см чуқурлигида намлик сақланиши ва ўсимликларни минерал озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга.
⏺Бошоқларда дон тўлиқ шаклланиши учун суспензия билан ишлов бериш тавсия этилди.
Олимлар таъкидлаганидек, бу чоралар самарали қўлланилса, ҳар гектардан 80-100 сентнергача ҳосил олиш имконияти яратилади.
Шунингдек, матбуот анжуманида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Донли ва дуккакли экинлар бўлими бошлиғи Абдулла Мансуров, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори, профессор Равшанбек Сиддиқов, Шоличилик илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Зиёдуллаевлар ва бошқа мутахассислар оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бердилар.
Матбуот анжуманида қатнашган мутахассислар ғаллачилик соҳасида илғор инновацион ечимлар ва агротехник тадбирларнинг аҳамиятини таъкидлаб, бу борада фермерлар ва агрономлар, берилаётган тавсияларни ўз вақтида фермерларга етказиш учун оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини қайд этишди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе