Пахтачиликда янги ёндашувлар ўзининг амалий натижасини бермоқда

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, замонавий ёндашувлар ва инновацион технологияларни ўрганиш мақсадида Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида дастлаб Чуст туманидаги “Ўрикзор” фермер хўжалигига қарашли 14 гектар пахта майдони кўздан кечирилди.
Мазкур ҳудудда серҳосил ғўза навлари “Шинжон” технологияси асосида 76×10 схемада плёнка остига экилган. Суғориш ишлари эса замонавий томчилатиб суғориш тизими орқали амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, тажриба тариқасида майдоннинг 9 гектарида қизил, қолган қисмида эса оқ рангли плёнкадан фойдаланилган.
Қайд этилишича, экинларнинг ривожланиш ҳолати барқарор ва қониқарли. Вазир дала шароитини кўздан кечирар экан, “Шинжон” технологияси амалиётда ўз самарадорлигини намоён этаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, масъулларга ғўза парвариши устидан назоратни янада кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Шунингдек, у ғўзанинг бир маромда ривожланиши ва етилишини таъминлаш мақсадида озуқа моддаларидан белгиланган меъёрлар асосида фойдаланиш зарурлигини қайд этди. Суғориш жараёнларида агротехник талаб ва тавсияларга қатъий риоя қилиш, барча ишларни тизимли ҳамда ҳамжиҳатликда ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм