Пахтачиликда янги тажриба: рангли плёнкалар ва жевамритнинг самараси ўрганилмоқда

Бугун Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида пахтачиликда қўлланилаётган янги агротехнологиялар билан яқиндан танишмоқдаман.
Хусусан, “Зеро Макс Агро Бизнес” фермер хўжалигида “Шинжон” навининг қўшқатор усулида, рангли плёнкалар остида етиштирилаётгани ва томчилатиб суғориш технологияси асосида парвариш қилинаётгани қувонарли натижаларни бермоқда.
Мени айниқса қизил, яшил ва кўк рангли плёнкалар остида экилган ғўзаларнинг ривожланиши қизиқтирди. Шу сабабли фермерлар билан биргаликда уларнинг афзалликлари, очиқ майдондаги экинларга нисбатан фарқлари ва амалий самарадорлигини муҳокама қилдик. Бундай тажрибаларни илмий асосда ўрганиш ва натижалари ижобий бўлса, кенг жорий этишимиз зарур.
Шу ернинг ўзида дала семинари ўтказиб, фермерлар билан яна бир муҳим масалага — жевамритдан фойдаланишга алоҳида тўхталдим. Менимча, ҳар бир фермер хўжалигида жевамрит тайёрланиши ва қўлланилиши керак. Бу катта маблағ талаб қилмайди, аммо тупроқ унумдорлигини оширади, ўсимликнинг соғлом ривожланишига хизмат қилади ва айниқса ёғингарчилик мавсумида яхши самара беради.
Масъулларга рангли плёнкалар остидаги ғўза ривожланишини мунтазам мониторинг қилиш, унувчанлик, ўсиш суръати ва ҳосилдорлик кўрсаткичларини илмий таҳлил қилиш бўйича аниқ топшириқлар бердим. Ҳар бир тажриба рақам ва таҳлил билан баҳоланиши керак. Фақат шунда биз энг самарали технологияларни танлаб, уларни республика бўйлаб оммалаштира оламиз.
Ишончим комилки, илм-фан, инновацион агротехнологиялар ва табиий деҳқончилик ёндашувларини уйғунлаштириш орқали пахтачиликда ҳосилдорликни янада ошириш, фермерлар даромадини кўпайтириш ва соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлашга эришамиз.