Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

Пахта селексиясида МАГИК технологияси

Пахта селексиясида МАГИК технологияси
Сарлавҳада тилга олинган тадқиқот усули ҳаммага ҳам таниш эмас. Аввало, бу усул нима эканлигига ойдинлик киритайлик. МАГИК (Мулти-парент Адванкед Генератион Интер-Кросс) — бу замонавий селексия усули бўлиб, унда бир нечта (одатда 4–8, баъзан 16 гача) турли генетик фондга эга навлар ўзаро кўпайтирилади. Шу орқали генетик хилма-хиллиги юқори бўлган янги авлодлар яратилади. Усул селексия жараёнини тезлаштиради, касалликларга чидамли, ҳосилдор ва иқлим ўзгаришларига бардошли навларни танлаб олиш имкониятини оширади. Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти докторанти Бунёд Ғаффоров айни шу услубда тадқиқот олиб бормоқда. У ўзининг дастлабки натижалари хусусида бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида бўлиб ўтган “Докторантлар куни” тадбирида экспертлар олдида тақдимот қилди. Тадқиқот доирасида 8 хил генетик фондга эга пахта навлари танлаб олинган ва улар ўртасида мураккаб кўпайтириш ишлари (интер-кроссинг) амалга оширилди. Натижада Ф1 гибрид авлодлари олинди. Ҳозирги пайтда бу гибрид намуналар дала шароитида экилиб, уларнинг агробиологик ва молекуляр хусусиятлари чуқур ўрганилмоқда. Ўзбекистон шароитида МАГИК технологиясини пахта селексиясига қўллаш илк бор амалга оширилаётган бўлиб, бу йўналишдаги изланишлар келгусида юқори ҳосилдор, касалликларга чидамли ва иқлим ўзгаришларига мослашувчан янги пахта навларини яратиш учун кенг имкониятлар очади. Тадбир давомида бошқа ёш тадқиқотчилар ҳам ўз ишлари билан иштирок этдилар. Жумладан, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти докторанти Гулнора Назирова онлайн тарзда “Мақкажўхори нав ва дурагайлари экиш муддатлари, кўчат қалинлигининг ўсиши, ривожланиши ва дон ҳосилдорлигига таъсири” мавзусида тақдимот қилди. У ўз изланишлари натижаси ҳақида маълумот берди. Экспертлар гуруҳи Бунёд Ғаффоровнинг тадқиқотини юқори баҳолади. Гулнора Назированинг иши эса ҳали тўлиқ шаклланмагани учун уни яна такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. “Докторантлар куни” ёш тадқиқотчилар учун ўз ишларини намойиш қилиш, илмий ҳамжамият билан фикр алмашиш ва тажрибали мутахассислардан маслаҳат олиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг! WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.