Озиқ-овқат хавфсизлиги – умумий масъулият ва халқаро ҳамкорлик мезони

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган нуфузли халқаро форум ўз ишини юқори савияда давом эттирмоқда.
Бугунги кунда дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Аҳоли сонининг ўсиши, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чекланиши, логистика занжирларидаги узилишлар ва халқаро бозорлардаги ўзгаришлар озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уни аҳолига барқарор етказиб беришни барча давлатлар учун стратегик вазифага айлантирмоқда.
Форум айнан ана шу муаммоларни очиқ мулоқот ва конструктив фикр алмашинуви орқали муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдонга айланмоқда.
Тадбирда халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар ва аграр соҳа вакиллари томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида барқарор ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, савдо ва логистика имкониятларини кенгайтириш юзасидан фикр ва таклифлар илгари сурилмоқда.
Мулоқотларда бир ҳақиқат алоҳида намоён бўлмоқда: озиқ-овқат хавфсизлиги – биргина давлатнинг вазифаси эмас. Бу умумий масъулият ва халқаро ҳамкорликни талаб этадиган глобал масаладир.
Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам бугунги мураккаб шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга комплекс ёндашув зарурлигини таъкидлади.
Вазирнинг қайд этишича, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпроқ етиштириш билан чекланмайди. Бунинг учун ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, логистика, савдо, илм-фан, инновация ва молиялаштириш каби йўналишларни ягона тизим сифатида ривожлантириш лозим.
Айниқса, давлатлар ўртасидаги тажриба алмашинуви, илғор технологияларни биргаликда жорий этиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири экани қайд этилди.
Мазкур халқаро форум ягона мақсад йўлида давлатлар ва ташкилотларни бирлаштириб, тажриба, билим ва ташаббусларни ягона манфаат — глобал озиқ-овқат хавфсизлиги йўлида бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги чегараларни билмайди. Бир ҳудуддаги муаммо бошқа минтақаларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу боис бугунги кунда ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм