Ўзбекистон–Эрон бизнес-форуми: қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Айни пайтда пойтахтимиздаги “Азимут” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги Элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон–Эрон қишлоқ хўжалиги бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Эрон Ислом Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ғуломризо Нури бошчилигидаги расмий делегация, шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари ҳамда 100 нафардан ортиқ йирик тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов нутқ сўзлаб, аграр соҳани ривожлантиришда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, уларни мамлакатимиз шароитига мослаштириш ва амалиётга жорий этиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, Эроннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тўплаган тажрибаси, замонавий технологиялари ва амалий ечимларидан фойдаланиш икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиши қайд этилди.
“Бугунги бизнес-форум икки давлат ишбилармон доиралари учун тажриба алмашиш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим майдон”, — дея таъкидлади Иброҳим Абдураҳмонов.
Форумда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш, логистика инфратузилмасини такомиллаштириш, уруғчилик ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм