Ўзбекистонда карбон кредитлари бўйича халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Мазкур келишув Швейцариянинг Бизпандо АГ компанияси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Республика агрохизматлар маркази (АКИС) ҳамда Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ИКАК) ўртасида имзоланди.
Ҳамкорлик доирасида пахта етиштирувчи фермерлар иштирокида карбон кредитлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Унга кўра, фермерлар биочар ва компост ишлаб чиқариб, уларни далаларда қўллаш орқали атмосферага чиқадиган зарарли газларни камайтириш ва тупроқ унумдорлигини оширишга ҳисса қўшади.
Келишувга мувофиқ, ушбу жараён натижасида ҳосил бўладиган карбон камайишлари халқаро стандартлар асосида сертификатланиб, жаҳон бозорида сотилиши мумкин. Лойиҳада Бизпандо АГ карбон кредитларини шакллантириш ва сотув жараёнларини бошқаради, АКИС мамлакат даражасида мувофиқлаштириш ва назоратни таъминлайди, ИКАК эса агротехнологик ва илмий кўмак кўрсатади.
Энг муҳими, карбон кредитлари савдосидан тушган даромаднинг асосий қисми бевосита фермерларга йўналтирилади. Мазкур ташаббус қишлоқ хўжалигида замонавий экологик ечимларни жорий этиш, “яшил иқтисодиёт” ни ривожлантириш ҳамда фермерлар даромадини оширишга хизмат қилади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе