Ўзбекистон-Хитой: аграр йўналишдаги илмий ҳамкорлик ривожланмоқда

Бугун Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазир ўринбосари Алишер Шукуров ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази директори, академик Шадман Намазов Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси Пахтачилик институти директори Гао Лей бошчилигидаги делегация аъзолари билан музокаралар ўтказди.
Музокараларда ўсимлик генетикаси, молекуляр селексия ва биотехнологиялар йўналишларида қўшма илмий тадқиқотлар бошлаш, пахта ҳамда сабзавот-полиз экинлари бўйича янги селексия дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёш олимларнинг Хитой илмий марказларида малака ошириш имкониятларини кенгайтириш ҳақида келишувга эришилди.
Томонлар замонавий пахтачилик технологияларини татбиқ этиш, Ўзбекистон агроиқлим шароитига мос юқори ҳосилли навларни яратиш, қўшма дала тажрибалари ва илмий-демонстрация участкаларини ташкил этишга доир режаларни белгилаб олди.
Учрашувда Хитойдан олиб кириладиган уруғлар сифати устидан илмий назоратни кучайтириш, қўшма эксперт комиссиясини тузиш таклифи илгари сурилди. Келгусида уруғ импорти бўйича қарорлар юқори малакали мутахассислар хулосалари асосида қабул қилинади.
Суҳбат давомида сув тежовчи услублар, ақлли қишлоқ хўжалиги тизимлари, дронлардан фойдаланиш, рақамли мониторинг ва механизация бўйича қўшма лойиҳалар истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбир якунида Хитойнинг икки йирик илмий институти ва Ўзбекистоннинг Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ўртасида Англашув Меморандуми (МоУ) имзоланди.
Мазкур келишувлар икки давлат ўртасидаги аграр илм-фан алоқаларини мустаҳкамлаб, селексия ва уруғчилик соҳаларида инновацион ривожланиш жараёнини жадаллаштириши кутилмоқда.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм