Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси Тамакичилик илмий-тадқиқот институти директори Янг Айго бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида аграр илм-фан, инновациялар ва замонавий агротехнологиялар йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Марказ директори Шодмон НамозовЎзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, юқори технологияларга асосланган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Музокаралар давомида тамаки генетик ресурсларини алмашиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, селексия ишларини такомиллаштириш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳамда илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, "Бир макон – бир йўл" ташаббуси доирасида Ўзбекистон–Хитой Қишлоқ хўжалиги синтетик биологияси бўйича қўшма лабораториясини ташкил этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Мазкур лаборатория биосинтез технологиялари, ген муҳандислиги, функсионал ўсимлик компонентларини яратиш, шўрланган ерларни биологик яхшилаш, биопрепаратлар ишлаб чиқиш ҳамда замонавий селексия йўналишларида қўшма илмий изланишларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Томонлар ушбу ҳамкорлик илмий салоҳиятни бирлаштириш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, ёш олимлар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек, замонавий агротехнологияларни Ўзбекистонда кенг жорий этиш учун мустаҳкам замин яратишини қайд этдилар.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Зоом платформаси орқали иштирок этиб, ушбу ҳамкорликнинг илмий ва амалий аҳамиятига тўхталди.
Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, қўшма илмий лойиҳаларни изчил амалга ошириш ҳамда икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар. Тадбир якунида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.




