Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Германия Федератив Республикаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва минтақавий идентификация федерал вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Иқлимга мослаштирилган чорва озуқасини етиштириш” дастури доирасида учрашув ташкил этилди.
Миллий марказ директори, академик Шодмон Намозов ва германиялик эксперт-маслаҳатчилар Эккеҳард Счредер ва Ҳералд Стефани ўртасида бўлиб ўтган учрашувда дастурнинг 2024–2026 йилларга мўлжалланган вазифалари, амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар муҳокама этилди. Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ҳамда фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик ишлари таҳлил қилинди.
Муҳокамаларда мамлакатимизда озуқа бирлиги юқори бўлган экинлар селексиясини такомиллаштириш ва уруғчилигини ташкил қилиш масаласи асосий мавзу бўлди. Академик Шодмон Намозов германиялик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳага юқори баҳо бериб, ҳамкорликни янги лойиҳаларда юқори босқичга олиб чиқиш таклифини билдирди. Жумладан, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги мавжуд илмий-тадқиқот институтларининг кўпчилигида озуқавий экинлар селексияси билан шуғулланиши, илмий муассасаларга қарашли илмий-тажриба стансияларида тажрибалар ўтказилиши ҳамда олинган ижобий натижалар асосида Миллий марказ тизимидаги 35 та элита уруғчилик хўжаликларида озуқа экинларининг юқори авлодли уруғликларини етиштириш имкони мавжудлиги таъкидланди.
Ушбу таклиф германиялик ҳамкорлар томонидан ижобий қабул қилинди. Шундан сўнг экспертлар Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Маҳмудбек” фермер хўжалигида Германиядан келтириб экилган озуқабоп экинлар тажриба майдонида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, уларни ижобий баҳоладилар. Шунингдек, дастур доирасида фермер хўжаликлари ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган тажрибалар, махсус ускуналар — силос тайёрлаш машиналари ва мобил инфрақизил нурли спектрометрлар (НИРС)дан самарали фойдаланиш жараёни юқори баҳоланди.
Учрашувда молиялаштиришнинг самарали йўналтирилиши, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, декабр ойида ўтказиладиган “Миллий уруғчилик куни” конференсиясида дастурнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласи қўллаб-қувватланди.
Қабул қилинган қарорларга кўра, Тошкент вилоятида амалий ўқув-семинар ташкил этиш, чорва озуқасини таҳлил қилиш ишларини кенгайтириш, фермерлар билан кўргазмали машғулотлар ўтказиш ҳамда Германиянинг Бундессортенамт тизимини ўрганиш бўйича студй тоур дастурини тайёрлаш белгиланди.
Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтиб, дастурнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги аҳамияти ва унинг натижаларини кенг тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди.




