Ўзбекистон ва Беларус: қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларус Республикасига давлат ташрифи доирасида Беларус Республикаси Бош вазир ўринбосари, Беларус Миллий фанлар академияси Президиуми раиси Владимир Степанович Караник билан учрашдим.
Учрашувимизда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, селексия ва уруғчилик йўналишларида тажриба алмашиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилдик.
Беларус Миллий фанлар академияси 1929-йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мамлакатнинг етакчи илмий ташкилотларидан бири ҳисобланади. Академия томонидан экинлар селексияси, элита уруғлар етиштириш, картошкачилик, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги техникалари, ўсимликларнинг генетик ресурсларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш йўналишларида салмоқли илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, Жодино шаҳридаги Ерчилик бўйича илмий-амалий марказ билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур марказда яратилаётган юқори ҳосилдор навлар, ресурс тежамкор технологиялар, аниқ деҳқончилик тизимлари ҳамда рақамли ечимлар қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Учрашув давомида ушбу илғор тажрибаларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш, илмий муассасаларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдик.
Шунингдек, 2024-йил август ойида Ўзбекистоннинг Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ва Миллий генбанки вакилларининг Беларусдаги мазкур марказга ташрифи ҳамда ўсимликлар генетик ресурсларини йиғиш, ўрганиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича эришилган келишувлар ҳамкорлигимизнинг амалий натижаларидан биридир.
Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги илм-фан, инновация ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги ҳамкорлик келгусида янада ривожланиб, мамлакатларимиз аграр соҳасининг барқарор тараққиётига хизмат қилади.