Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Ўзбекистон–Корея: илмий ҳамкорлик янги босқичда

Ўзбекистон–Корея: илмий ҳамкорлик янги босқичда

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Марказ директори ўринбосари Ойбек Амонов ҳамда Корея Республикасининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш департаменти, Миллий ўсимлик ва озиқ-овқат фанлари институти вакили Жунгпил Суҳ ва КОПИА (Кореа Програм он Интернатионал Агрикултуре) маркази директори Ким Жае Ҳюн ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Ойбек Амонов меҳмонларга Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда тизимдаги илмий муассасалар фаолияти, асосий вазифалар ва амалга оширилаётган илмий-амалий ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Корея томонидан Жунгпил Суҳ шоличилик соҳасини ривожлантириш, юқори ҳосилли ва қурғоқчиликка чидамли янги шоли навларини яратиш йўналишида ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, у Кореянинг илғор тажрибаларини Ўзбекистон шароитида қўллаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва мутахассислар ўртасида билим алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион технологияларни татбиқ этиш, ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашда самарадорликни ошириш йўналишларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, КОПИА маркази билан Миллий марказ тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар — янги шоли навларини яратиш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган илмий тадқиқотлар ва агроинновацион билимларни татбиқ этиш йўналишлари таҳлил қилинди.

Томонлар келгусида қўшма тадқиқот дастурларини кенгайтириш, стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш ва барқарор қишлоқ хўжалиги ривожига хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни амалга ошириш борасида келишиб олдилар.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.