Нукус туманида донни қайта ишлайдиган замонавий ускуна ишга туширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани ҳудудидаги Дон ва шоли илмий-тадқиқот бирлашмасида донни қайта ишлайдиган замонавий ускуна фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, уруғчилик тизимини такомиллаштириш ҳамда дон маҳсулотлари сифатини ошириш мақсадида амалга оширилди.
ℹМаълум қилинишича, Хитойдан 100 минг АҚШ доллари эвазига олиб келинган ускуна юқори самарадорликка эга бўлиб, соатига 5 тоннагача 20 турдаги дон маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга.
Янги ускуна ёрдамида донни чанг ва аралашмалардан тозалаш, навларга ажратиш, махсус дорилар билан ишлов бериш ҳамда тайёр маҳсулотни қадоқлаш жараёнлари автоматлаштирилган тарзда бажарилади. Бу эса меҳнат унумдорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш имконини беради.
Мутахассислар таъкидлашича, янги технологиянинг жорий этилиши ҳудудда етиштирилаётган дон ва шоли маҳсулотларининг экспортбоплигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, уруғлик донларни сифатли саралаш ва дорилаш орқали келгуси мавсум ҳосилдорлигини кўпайтириш имконияти яратилади.
Мазкур лойиҳа фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ҳудуд иқтисодий ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм