Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази қошидаги лаборатория ходимлари Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида билим ва малакасини оширмоқда.
Малака ошириш жараёнида улар замонавий лабораторияларда олиб борилаётган илмий-амалий ишлар, ин витро усулида картошка уруғлигини кўпайтириш жараёнлари, мева-сабзавотчиликда илғор технологиялардан фойдаланиш бўйича янги тажрибалар билан танишмоқда.
Шу билан бирга, нав синовчилар Уммон Султонлигидаги Атяб Интернатионал Сервикес компанияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро даражада сертификатловчи замонавий лаборатория фаолиятини ҳам ўрганмоқда.
Бундан ташқари, улар Корея Республикасидан ташриф буюрган профессор-ўқитувчиларнинг марузаларини тинглаб, иш жараёнида қўллаш учун янги билим ва кўникмалар орттирмоқда.
Барча ишлар нав синовчиларнинг замонавий талаб ва стандартларга мос билим ва малакасини ривожлантириш, навларни синаш, таҳлил қилиш ва ишни самарали ташкил этишга қаратилган.



