Натижа, масъулият ва интизом – Ҳайъат йиғилишининг бош мезони

Бугун Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида 2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда йилнинг иккинчи ярмида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши видео-конференс-алоқа шаклида бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ҳайъат аъзолари, вазир ўринбосарлари, департамент ва бошқарма бошлиқлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда соҳа олимлари иштирок этди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш кун тартибидан қишлоқ хўжалиги тармоғи учун долзарб бўлган 9 та муҳим масала ўрин олди.
Хусусан, 2026-йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари ва иккинчи ярим йиллик иш режалари, ғўза парвариши, 2027-йил ҳосили учун уруғлик дон тайёрлаш, субсидия тизими, ижро интизоми, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уруғчилик тизимини такомиллаштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида вазир Иброҳим Абдураҳмонов мавжуд имконият ва ички салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, ҳар бир йўналишда натижадорликни ошириш, муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда уларнинг амалий ечимларини ишлаб чиқиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси эканини алоҳида таъкидлади. Ҳар бир раҳбар фаолияти, аввало, эришилган натижа ва амалий самарадорлик билан баҳоланиши қайд этилди.
Шунингдек, вазир вазирлик тизимида фақат вертикал бошқарув тамойиллари билан чекланиб қолмасдан, департамент ва бошқармалар, ҳудудий тузилмалар ҳамда тизим ташкилотлари ўртасида горизонтал ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди. Муаммоларни биргаликда ҳал этиш, масъулиятни бўлишиш ва натижага йўналтирилган бошқарув механизмларини жорий этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, субсидия маблағларининг манзилли ва шаффоф ажратилиши устидан назоратни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Бу борада ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлиги янада кучайтирилиши қайд этилди.
Хусусан, уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жорий этиш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда барча бўғинларда ижро интизомини кучайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунлари бўйича барча йўналишлар кесимида аниқ вазифалар, ижро муддатлари ва масъуллар белгиланди. Мутасаддиларга иккинчи ярим йилликда белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш ҳамда иш самарадорлигини тубдан ошириш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Шунингдек, вазир ўринбосарлари, департамент ва бошқарма бошлиқлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ҳудудлар кесимидаги масъуллар фаолияти танқидий баҳоланиб, йўл қўйилган камчилик ва сусткашликлар юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш якунида белгиланган топшириқлар ижросида сусткашликка йўл қўйган, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажармаган масъул шахсларга нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чораларини қўллаш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, бундан буён ҳар бир раҳбар фаолиятига бериладиган асосий баҳо — натижа, масъулият ва ижро интизоми бўлади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм