НАМАНГАНДА ИННОВАЦИОН УСУЛДА ШОЛИ ЕТИШТИРИШ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Қишлоқ хўжалиги вазирининг “Қишлоқ хўжалигида инновацион 100 ташаббус” лойиҳаси доирасида шоли етиштириш ҳажмини ошириш, замонавий ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш орқали маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг даромадини кўпайтириш мақсадида янги инновацион тажрибалар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Шу мақсадда Наманган вилояти Мингбулоқ тумани “Гигант” ММТП ҳудудида жойлашган Босаралиев Муқимжон балиқчилик хўжалигининг 1 гектарлик балиқ кўлида хорижий тажрибалар асосида сузувчи платформаларда шоли етиштириш бўйича инновацион лойиҳа йўлга қўйилди.
Мазкур технология кўл юзасида сузиб юрувчи махсус платформалар ёрдамида шоли етиштириш имконини беради. Бунда ҳаво қатламига эга бўлган кўпикли материаллар ва пластик туваклардан фойдаланилади. Туваклар компост ҳамда гумус билан тўлдирилиб, уларнинг ярмидан кўпроғи сувга ботирилган ҳолда жойлаштирилади. Ҳар бир тувакка 10–15 кунлик шоли кўчатлари 1 сантиметр чуқурликда 1–3 тупдан экилади.
Вегетация даврида шоли кўчатлари 8–10 маротаба макро ва микроелементларга бой ўғитлар билан озиқлантирилади. Ушбу усулда бегона ўтлар деярли учрамагани сабабли гербицидлардан фойдаланишга эҳтиёж камаяди. Натижада экологик тоза маҳсулот етиштириш ва сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконияти яратилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу инновацион тажриба балиқчилик ва шоличиликни уйғунлаштириш, мавжуд сув ҳавзаларидан қўшимча даромад манбаи сифатида фойдаланиш ҳамда ер майдонлари чекланган ҳудудларда шоли етиштириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Мазкур лойиҳа келгусида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий этилиши режалаштирилган.
Республика агрохизматлари марказининг расмий саҳифаларини кузатиб боринг!
WЕБ |Телеграм Инстаграм
Факебоок | Ёутубе