Мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинг

Бугун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари учун амалий ва назарий билимларни уйғунлаштирган семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамкорлигида, АКИС тизими туман ва ҳудудий мутахассислари иштирокида ўтказилди.
Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад — аграр соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, ҳудудларда қишлоқ хўжалиги хизматларини замонавий асосда ташкил этиш ҳамда илмий-назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришдан иборат бўлди.
Тадбир икки босқичда ташкил этилди. Унинг дастлабки қисми Юқори Чирчиқ туманидаги “Маҳмудбек” фермер хўжалиги даласида ўтказилиб, унда иштирокчилар хўжалик ер майдонида ташкил этилган намойиш майдончасида парвариш қилинаётган 100 турдан ортиқ ем-хашак экинларини етиштиришнинг агротехник усуллари, экин турларини танлаш ва шу соҳадаги долзарб жиҳатлар билан бевосита танишдилар.
Семинарнинг назарий қисми Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида давом эттирилди. У ерда иштирокчиларга зоотехника ва ветеринарияда замонавий ёндашувлар, емиш (озуқа) экинларини етиштириш агротехнологиялари, чорва моллари тўғри озиқлантириш ва рацион тузиш, озиқ-овқат сифати ва таҳлил усуллари ҳақида тақдимотлар қилинди.
Семинар-тренингда Германиядан ташриф буюрган малакали мутахассис Антон Ван Энгелен иштирок этиб, Европада қўлланилаётган инновацион агротехнологиялар ва чорва озиқлантириш тизимлари ҳақида маълумот берди. Унинг фикрича, Ўзбекистонда мавжуд иқлим ва тупроқ шароитида хўжалик юритувчи субектлар учун экологик барқарор ёндашувлар ниҳоятда долзарб ҳисобланади.
Семинарда туман ва вилоят миқёсидаги фермерлар, агрономлар, ветеринария ходимлари, маслаҳатчилар ҳамда соҳага оид мутахассислар фаол иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби амалий-таълимий тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши мутахассисларнинг малакасини ошириш, соҳада замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ва ўзаро тажриба алмашувини кучайтиришда муҳим ўрин тутади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе