МУСТАҚИЛЛИК — ЭНГ УЛУҒ ҚАДРИЯТ, МЕҲНАТ — ЭНГ ЮКСАК ШАРАФ!

Азиз юртдошлар, қадрли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳанинг фидойи вакиллари!
Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Мустақиллик — бу миллий ғуруримиз, эркин ва озод ҳаётимиз, бунёдкорлик ва тараққиёт йўлимизнинг буюк тимсолидир. Ўтган 35 йил давомида халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси, бунёдкорлик салоҳияти ва фидокорона меҳнати билан улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Бугун Янги Ўзбекистон ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, янги марралар сари дадил одимламоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам чуқур ислоҳотлар, замонавий ёндашувлар ва илғор технологиялар асосида янгиланиб, мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, рақамлаштириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, фермер ва деҳқонлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Бу йил далаларимиздаги заҳматли меҳнат яна бир бор ўз самарасини кўрсатди. Ғалладан 10 миллион тонналик ҳосил етиштиришга эришилди. Айни пайтда деҳқон ва фермерларимиз далаларида янги ҳосил — пахта учун масъулиятли йиғим-терим мавсуми арафасидамиз. Пахтачилик соҳасида ҳам кўзлаган марраларимиз улкан. Мавсум якунида 4,5 миллион тонна пахта етиштириш кўзда тутилмоқда.
Картошкачиликда ҳам мўл ҳосил сари дадил қадамлар ташланмоқда. Ҳозирга қадар 3,2 миллион тонна картошка етиштирилди. Йил якунига қадар эса бу кўрсаткични 4,5 миллион тоннага етказиш прогноз қилинмоқда.
Бу рақамлар ортида миллионлаб инсонларнинг ҳалол меҳнати, тун-у кун қилган заҳмати, она заминга бўлган меҳр-муҳаббати ва Ватанга садоқати мужассам.
Дала меҳнати — шарафли меҳнат. Ҳар бир экилган уруғ, парваришланган ниҳол, етиштирилган ҳосил ортида халқимиз дастурхони, оилаларимиз фаровонлиги ва юртимиз осойишталиги намоён. Шу боис ҳар бир деҳқон ва фермернинг меҳнати — Ватан равнақига қўшилган муносиб ҳиссадир.
Бу келтирилганларимиз аграр соҳа ютуқларининг бир қисми холос. Бугун аграр соҳа ходимлари қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида ҳам мана шундай улкан натижаларга эришган ҳолда мамлакатимиз истиқлолининг 35 йиллик тўйини муносиб қарши олмоқда.
Келгусидаги режалар эса янада улкан. Сувни тежаш, ер унумдорлигини ошириш, инновацияларни кенг жорий этиш, яйловлар самарадорлигини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва аграр соҳани янада рақобатбардош қилиш йўлида барча имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Зеро, мустақил Ўзбекистоннинг кучи — унинг халқида, халқимизнинг кучи эса унинг бирлик ва фидокорона меҳнатидадир!
Фурсатдан фойдаланиб, Ватанимиз тупроғида ҳалол меҳнат қилаётган азиз деҳқон ва фермерларимизга, аграр соҳа олимлари ва мутахассисларига, барча меҳнаткаш юртдошларимизга чуқур миннатдорлик билдираман.
Шу улуғ айёмда барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, файзу барака ва фаровон ҳаёт тилайман.
Юртимиз тинч бўлсин, халқимизнинг дастурхони тўкин бўлсин, далаларимиз ҳосилдор, меҳнатимиз самарали бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
35 йиллик муборак айём барчамизга қутлуғ келсин!
Янги Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги йўлидаги эзгу ишларимиз бардавом бўлсин!
Иброҳим Абдураҳмонов
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм