МОШ ЕТИШТИРИШ АГРОТЕХНОЛОГИЯСИ

Асосий экин сифатида (баҳор мавсумида) мош экишда далани тайёрлаш учун кузда шудгор ўтқазилади. Баҳорда чизеллаш, бороналаш ва ариқларни очиш ишлари олиб борилади.
Такрорий (ёз мавсумида) экиш учун олдинги экиндан кейин ер ҳайдалади. Чизеллаш, бороналаш ва эгат олиш ишлари олиб борилади.
Кузги буғдой ҳосилини кечги йиғим теримдан кейин ерни ҳайдамасдан далани мош экиш тайёрлаш учун дала суғорилади ва эгатларни орасидан чизел ёрдамида мош уруғларни экиш учун эгат олинади.
Органик деҳқончиликда эса ресурс тежамкор технологиясидан фойдаланганда ерни ҳайдамасдан техника ёрдамида қаторлар очилади ва мош уруғлари экилади. Баҳор фаслида уруғлар 10-20 апрелда, ёз мавсумида эса 15-июндан - 1-июлгача экилиши зарур. 5-июлдан сўнг экилган мошнинг ҳосилдорлиги паст бўлади.
Экиш схемаси: 70 см х 15-20 см. Катта майдонларда мош дон сеялкалари ёрдамида, кичик майдонларда эса қўлда теша билан экилади. Уруғларни экиш чуқурлиги 3-5 см бўлиши лозим. Ўртача уруғ сарфи- 16,0 кг/га.
Мош қурғоқчиликка чидамли бўлиб, сувни кўп талаб қилмайди. Лекин, тупроқ намлигини доимо меъёрида сақлаб туриш мақсадга мувофиқдир. Ўсув даври давомида 2-3 марта суғорилади. Мош уруғлари униб чиқиши учун ва гуллашдан аввал албатта суғориш керак. Ўсимликнинг сувга бўлган талаби баҳорги муддатда 1500 м3, ёзги муддатда эса- 2000 м3. Дуккаклари пайдо бўлгандан сўнг улар тўла етилиши учун ўсимликларни суғориш тавсия этилмайди.
Мошнинг ўсиш ва ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Вегетация даврида кичик майдонларда қатор оралиғини қўлда 1-2 марта чопиқ ва каттароқ майдонларда эса 1-2 марта техника ёрдамида ўғитларни солишдан ва суғоришдан олдин култивация қилиш талаб этилади. Аралашган ўғитлардаги азот ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига яхши таъсир этади. Айниқса, фосфорли ўғитлар экинни экишдан аввал берилиши керак, чунки фосфор тупроқда ўсимликка таъсир этиши учун маълум вақт зарур.
⌛Асосий (баҳор мавсумида) мош экиш учун далани кузда ер ҳайдашдан олдин гектарига 40-60 кг соф модда ҳисобида фосфор ва 20-40 кг калий ўғитлари солинади. Азотли ўғитларни экишдан олдин ва ўсув даврида 20-30 кг миқдорида озиқлантирилади. Шоналаш ва гуллаш даврида 20-30 кг фосфор ва 10-20 кг калий солинади. Такрорий (ёз мавсумида) ер ҳайдалганда гектарига соф модда ҳисобида 40-60 кг фосфор, 20-40 кг калий ва 20-30 кг азотли ўғитлари солинади. Шоналаш ва гуллаш даврида 20-30 кг азот, 20-30 кг фосфор ва 10-20 кг калий солинади. ерни ҳайдамасдан ёзги мавсумда мош экишдан аввал юқорида кўрсатилган ўғит миқдори ерга солинади.
Мош дуккаги октабр ойининг биринчи ўн кунлигида пишганидан сўнг кичик жойларда ҳосилни йиғиш қўлда амалга оширилди. Катта майдонларда ҳосил ғалла йиғувчи комбайнлар ёрдамида ҳосил йиғиб олинди, тозалаш алоҳида ўтказилиб, майдаланди, калибрлаш ва қадоқлаш маҳсус жиҳозланган ускуналарда амалга оширилади.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |Ёутубе