МАТБУОТ_АНЖУМАНИ

“Ақлли” қишлоқ хўжалиги сари: илм, инновация ва истиқбол
Жорий йилнинг 23 июн куни Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ақлли қишлоқ хўжалиги сари: илм, инновация ва истиқбол” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманни Марказ директори, академик Шодмон Намозов очиб берди. У ўз сўзида мамлакатимизда аграр соҳани илмий асосда ривожлантириш, зомонавий технологияларни жорий этиш ва соҳавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Шундан сўнг, Марказ директори ўринбосари Бунёд Мамарахимов томонидан марказ ва унинг тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда илмий муассасалар, кадрлар малакасини ошириш институти, соҳавий марказлар ва халқаро лабораторияларни ўз ичига олган марказнинг тузилмаси, фаолият йўналишлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилаётган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Бунёд Мамарахимов ўз маърузасида Корея Республикаси Ҳукуматининг 21,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари асосида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида амалга оширилаётган қуйидаги йирик лойиҳаларга алоҳида тўхталди:
Мева-сабзавотчиликда илғор технологиялар ўқув маркази — 3,7 млн доллар,
“Ақлли қишлоқ хўжалиги” инновацион саноат технологиялари маркази — 14 млн доллар,
Замонавий кўчатчилик маркази — 3,7 млн доллар.
Ушбу лойиҳалар доирасида ўқув марказлари ва намунавий хўжаликлар ташкил этилмоқда, бешта ҳудудда тажриба иссиқхоналари қурилмоқда, агротехнологиялар бўйича мутахассислар тайёрланмоқда, ҳамда 60 нафар мутахассис ва магистр Корея Республикасига малака оширишга юборилмоқда.
Матбуот анжумани журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Улар томонидан аграр соҳадаги долзарб масалалар — илмий янгиликлар, экспортбоп навлар, замонавий агротехнологиялар, кадрлар тайёрлаш ва халқаро ҳамкорлик юзасидан бир қатор саволлар берилди. Савол-жавоб жараёнида марказ тизимига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари томонидан аниқ, асосли ва фактларга таянилган жавоблар тақдим этилди.
Айниқса, марказ ҳудудида амалга оширилаётган йирик халқаро лойиҳалар билан яқиндан танишиш, инновацион марказлар ва тажриба майдонларини кўздан кечириш журналистларда катта таассурот қолдирди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе