Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларида фаолият юритаётган мутахассислар учун ташкил этилган "Асосий экинлар деҳқончилиги ва агротехнологияларини ривожлантириш" йўналишидаги бир ҳафталик малака ошириш курслари муваффақиятли якунланди.
Ўқув дастури давомида тингловчилар асосий экинларни етиштиришнинг замонавий агротехнологиялари, ресурсларни самарали бошқариш, инновацион ёндашувлар, илғор агротехник тадбирлар ҳамда соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлади.
Машғулотлар тажрибали профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва соҳа мутахассислари иштирокида ташкил этилди. Ўқув курси якунида иштирокчиларнинг ўзлаштириш даражалари баҳоланди. Синовлардан муваффақиятли ўтган тингловчиларга белгиланган намунадаги малака ошириш сертификатлари топширилди.
Мазкур малака ошириш курслари қишлоқ хўжалиги тизимида фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, замонавий агротехнологияларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда соҳада юқори малакали кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.


