Маккажўхорининг серҳосил дурагайлари уруғчилиги такомиллашмоқда

Булунғур туманида маккажўхорининг серҳосил дурагайлари уруғчилигини ривожлантириш ва замонавий, ресурс тежамкор агротехнологияларни жорий этишга бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди.
Семинарни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Зафар Ортиқов кириш сўзи билан очиб, маккажўхорининг серҳосил дурагайлари уруғчилигини ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларига тўхталди.
Хусусан, сифатли уруғлик базасини шакллантириш маккажўхоридан юқори ва барқарор ҳосил олиш билан бирга, чорвачилик учун сифатли озуқа базасини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уруғ импортини қисқартиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Тадбир Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитойнинг “Хинжианг Жиую Агрикултурал Девелопмент Ко. Лтд.” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил этилди.
Айни пайтда Булунғур туманидаги 467 гектар майдонда маккажўхорининг серҳосил дурагайлари уруғчилигини маҳаллийлаштириш, шунингдек, Хитойнинг ресурс тежамкор агротехнологияларини маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда.
Семинарда соҳа вакиллари, олимлар, мутахассислар ва фермерлар иштирок этиб, маккажўхорининг юқори ҳосилли дурагайлари ҳамда уларни етиштириш технологиялари билан танишди.
Хусусан, томчилатиб суғориш, плёнка остига экиш, ўғитларни аниқ меъёрда қўллаш, кенг ва тор қаторларда юқори зичликда экиш каби ресурс тежамкор технологиялар намойиш этилди.
Тадбир давомида маҳаллий шароитда маккажўхори дурагайларини яратиш ва уруғини кўпайтириш, фермерларни сифатли уруғлик билан таъминлаш ҳамда илғор технологияларни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Расмий саҳифаларимизни кузатиб боринг.
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок|Ёутубе