


Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотлар институт фаолиятини замон талаблари асосида модернизация қилиш, илмий салоҳиятни ошириш ва қишлоқ хўжалиги тармоғига амалий фойда келтирувчи инновацион ишланмаларни жорий этишга қаратилган.
Ислоҳотлар доирасида институт бинолари ва инфратузилмаси тўлиқ реконструкция қилинади, шунингдек, замонавий лаборатория ускуналари харид қилиниб, илмий-тадқиқот фаолиятининг техник базаси янада мустаҳкамланади. Бу эса олимлар ва тадқиқотчилар учун қулай иш шароитлари яратиш ҳамда илмий натижаларнинг сифатини ошириш имконини беради.
Мазкур ташаббус Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини ривожлантириш халқаро стратегик маркази (ИСКАД) томонидан амалга оширилаётган “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида илгари сурилмоқда.
Шу муносабат билан, лойиҳа маслаҳатчиси Амир Малик, лойиҳа менежери Гасанов Рамил, ва қурилиш лойиҳачиси Саманов Салоҳиддин бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар институт фаолиятини ўрганишди. Ўрганишлар давомида мавжуд шароитлар, илмий йўналишлар ва инфратузилма ҳолатини кўздан кечирди, келгусидаги ислоҳотлар ва амалга ошириладиган тадбирлар юзасидан батафсил муҳокама ўтказилди.
Мутахассислар таъкидлашича, бу ислоҳотлар натижасида Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти қишлоқ хўжалиги экинларининг бирламчи уруғчилигини етиштириш борасида етакчи илмий марказлардан бирига айланиши, илмий ишланмалар эса бевосита амалиётга татбиқ этилиши кутилмоқда.
Мазкур ташаббуслар натижасида нафақат институтнинг илмий салоҳияти, балки Ўзбекистоннинг барқарор қишлоқ хўжалиги ривожи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги имкониятлари ҳам янада кенгаяди.
