Кўзланган мақсадга деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш орқали эришилади

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг аграр соҳадаги ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, далалардаги агротехник тадбирлар билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятига қилган амалий ташрифи давом этмоқда. Ташриф дастурига кўра навбатдаги манзил вилоятнинг Олтинсой туманидаги “Олтинсой коттон клустер” МЧЖ томонидан 1000 гектар майдонда барпо қилинаётган узумзор бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур узумзорнинг 500 гектари барпо этилган бўлиб, яна 500 гектарида узумзор яратиш устида ишлар амалга оширилмоқда. Бу бўйича Иброҳим Абдураҳмонов кластер раҳбариятининг режалари билан танишар экан, бу ерда узумзорни ташкил этиш учун энг аввало қулай шароит яратиш, сув тежовчи технологияларни йўлга қўйиш, бунинг учун эса инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича аниқ таклифларни ўртага ташлади.
Чунки бир пайтлар оқар сув келгани боис, бу ерлар обод маскан бўлган ва узумзор ташкил этилиб, тойфи нави етиштирилган. Муаммо шундаки, айни пайтда бу ерда сувнинг ўзи йўқ. 1000 гектар ерни суғориш учун эса 20 та қудуқ қазиш талаб этилади. Бундан ташқари айни пайтда узумга бўлган бозор талаблари, узум етиштириш технологияси ўзгарган. Шу сабабли бугун экспортбоп хўраки узум навларини етиштириш анча жозибадор ҳисобланади.
Суҳбат поёнига етмай туриб, бу ерга Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам ташриф буюрди. Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоят ҳокими биргаликда шу боғни ишга тушириш, Сурхондарёнинг мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда туманлар иқлим шароитига мос янги экинларни етиштиришни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашди.
Сурхон заминининг шуҳратини ёядиган қадимий ва ноёб навларни қайта тиклаган ҳолда танлаб экиш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Ўз ўрнида бу ишлар кооперацион тус олиши мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм